ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Россиянинг энг йирик электрон ва саноат тарозилари ишлаб чиқарувчиси – Жанубий Урал тарози заводи Ўзбекистонда тарози ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи, Sputnik мухбири хабарига асосан.
Биринчи босқичда Россия корхонаси 100 миллион рубл сармоя киритиб, Ўзбекистонда 150 тонна ва ундан ортиқ юкларга мўлжалланган автомобил ва темирйўл вагонлари тарозиси ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган.
“Ҳозир биз музокараларнинг биринчи босқичидамиз, бўлажак ишлаб чиқариш учун майдон қидирмоқдамиз. Биизда бир неча вариант бор: эркин иқтисодий зоналардан бири, Тошкент ёки Самарқанд. Бу ўзининг пайвандлаш, токарлик ва жамлаш цехларига эга бўлган тўлақонли Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси бўлади. Биз бозорга юқори сифатга ва рақобатбардош нархга эга бўлган муносиб маҳсулот билан чиқишга тайёрмиз”, — деди Sputnik мухбирига Жанубий Урал тарози заводи директорлар кенгаши раиси Сергей Потапов.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бозори ўта юқори потенциалга эга, чунки бу каби юқори сифатли техника Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Мутахассислар фикрига кўра, ҳозир Ўзбекистонда сифати паст Хитой маҳсулотлари бир неча баробар қиммат сотилмоқда.
Яна бир муаммо, бу каби техника ихтисослашган компаниялар томонидан эмас, савдо компаниялари томонидан олиб келинмоқда. Улар бир вақтнинг ўзида ҳам пайпоқ ҳам техник мураккаб ускуна бўлган тарозилар сотиши мумкин. Натижада харидор қиммат нархга ва техник хизматга эга бўлмаган маҳсулот сотиб олмоқда.
Биз биринчи босқичда ойига 100 минг долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Бу ойига 10 та автомобил ёки вагон тарозиси дегани. Ёшлар учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор берамиз. Айниқса ОТМларни битираётган ёшларга. Биз шунингдек тулақонли хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўямиз, чунки биз 100% ишлаб чиқарувчимиз”, — деди Потапов.
Бугунги кунда Россиянинг Ўзбекистон иқтисодига қилган сармояси 8,5 миллиарддан ошган ва Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокида 961та корхона фаолият юритмоқда. Йил охирига қадар ушбу корхоналар сони мингда ошиши кутилмоқда.