ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқини илгари суриш бўйича институционал механизм янги йўналишларга эга бўлади, деди 25 апрел куни Тошкентда Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан Интерконтинентал меҳмонхонасида ўтказилган халқаро конференция давомида Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева.
"Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқини илгари суриш бўйича институционал механизм янги йўналишларга эга бўлади. Албаттаки, Ўзбекистон Қонунчилик палатасида: юқори ва қуйи палаталарда аёлларимизнинг бугунги иштироки шу кечаю-кундузда аёллар ўз олдига қўйган талабларга мутлақо жавоб бермайди. Бу аёлларимизнинг фаоллигига мутлақо мос эмас.
Яъни, олий даражада аёлларимизнинг 15, 16, 17 % ўринларни эгаллашлари биз учун эмас, Ўзбекистон учун эмас", — деди Норбоева.
Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари, шу ўринда, 2019 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда давлат бошқарув органларида аёллар 30%ни ташкил этишларига қонунан эришишни мақсад қилиб қўйилганини маълум қилди.
Норбоеванинг сўзларига кўра, бунинг учун Хотин-қизлар қўмитаси Давлат бошқарув академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Омбудсмен ва бошқа сиёсий партиялар билан яхши ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган.
"Албатта-ки, бўлажак сайловларга тайёр бўлиш учун турли дастурлар ишлаб чиқилган", — деб маълум қилди Бош вазир ўринбосари.