ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. GM Uzbekistan 2018 йил 16 апрелда Chevrolet Orlando автомашинасини ишлаб чиқаришни тўхтатди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Бу General Motors компаниясининг моделлар қаторини янгилаш борасидаги глобал стратегиясига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Шу сабабли компания ўтган йилнинг ноябр ойида бу машиналарга шартномаларни олиш бўйича буюрмаларни расмийлаштиришни тўхтатганди.
"Chevrolet Orlando русумидаги автомобилларга тузилган шартномалар учун истеъмолчилар олдида ўзининг мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини ҳамда шартнома шартларида белгиланган муддатларда автомобилни тўлиқ етказиб берилишини таъминлайди", — деб таъкидланди компанияда.
Chevrolet Orlando — Chevrolet Cruze платформасидаги етти ўринли оилавий автомашинадир. 2008 йил октябрда Париж автосалонида илк бор ушбу машинанинг тақдимоти ўтказилганди. 2010 йилда оммавий ишлаб чиқарилиши бошланган.
Orlando минивэнлари Хоразм вилоятида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Бундан аввал GM Uzbekistan Ўзбекистонда "Tracker" ва такомиллаштирилган "Cobalt" ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилганди.