ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўтган йилнинг апрел ойида Стокгольмда терактни амалга оширганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқилов судда иқрорлик кўрсатмасини берди, деб хабар қилди РИА Новости Швециянинг SR радиоасига таянган ҳолда.
Терактни содир этганликда Ўзбекистон фуқароси 40 яшар Раҳмат Оқилов гумон қилинмоқда. У жиноят содир этилган кунда ҳибсга олинган ва ўша вақтдан буён қамоқда сақланиб келинмоқда.
Теракт бўйича суд 13 феврал куни бошланган ва 9 май куни якунланади. Суд ҳукми июнь ойининг иккинчи ярмида чиқарилиши кутилмоқда. Судга йўналтирилган ҳужжатларда 150 нафар жабрланувчилар исмлари санаб ўтилган.
Оқилов қўлга олингач, дарҳол террористик жиноятни содир этганликка иқрор бўлган ва шу пайтгача бўлган вақт давомида тергов билан ҳамкорлик қилган.
Швеция радиоси изоҳига кўра, чоршанба куни Стокгольм суди теракт содир бўлган жойда бўлган ва унинг оқибатида жарбланган жабрланувчиларни эшитишни тугатган.
"Оқилов 149 нафар аризачидан 130 нафарига нисбатан жиноят содир этганлигини тан олди. Суд жараёни аввалида Оқилов, шунингдек, ўз акцияси вақтида ҳалок бўлган беш кишининг қотиллигида иқрор бўлган", — деб хабар қилади радиостанция.
Оқилов иши бўйича суд эшитуви пайшанба куни давом этади ва бунда ҳалок бўлганларнинг қариндошлари кўрсатмалари тақдим этилади.