ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. 17 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов сўзга чиққан ва 14 март куни ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган самарқандлик ўқитувчи Диана Енекеева иши юзасидан шахсан Самарқандга бориб, йиғилиш ўтказганини, ўқитувчиларни ободонлаштиришга мажбуран чиқариш бўйича ҳеч қандай расмий ҳужжат бўлмагани, оғзаки топшириқ берилгани ва бунга бош бўлганлар ишдан олинганини айтди, деб хабар қилмоқда "Қалампир" нашри.
Илгарироқ Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Диана Еникеева вафоти билан боғлиқ шов-шувлардан сўнг берган расмий баёнотида самарқандлик ўқитувчининг ўлими билан боғлиқ ҳодиса юзасидан холисона суриштирув ишлари олиб борилиши ва холисона ҳуқуқий баҳо берилишини ваъда қилиб, вилоятда ижтимоий соҳа ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ҳудудларни ободонлаштириш ишларига жалб этилмагани ва бундан кейин ҳам жалб қилинмаслигини ишонч билан маълум қилган эди.
Халқ таълими вазири шунингдек, ўз нутқи давомида "Менда мажбурий меҳнатга қарши чиқишга журъат, қатъият етишмаганини тан оламан. Ҳатто, бунга ўзим ҳам бош бўлганман. Чунки аввалги сиёсатнинг талаби шундай эди, буни ватанпарварлик деб ҳам тушунганман. Биз зиёлилар четда туришимизга бошқача қараларди. Бугунги ўзгаришларга мослаша олмадик", деб айтган.