ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбекистонлик археологлар Марказий Осиё тарихида илк бор кўп кишининг сурати чизилган ёғоч панно топиб олишди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Фанлар академияси.
Ушбу шоҳона сарой Кофирқалъа номли археологик ёодгорликда жойлашган бўлиб, бу ерда 2001 йилдан бошлаб эса 16 гектарли майдонда Археология институти мутахассислари кенг қамровли археологик қазишма ишларини олиб боришмоқда.
Қадимий шаҳарда ўтказилган қазилма ишлари натижасида ёнғин оқибатида вайронага учраган Милодий 5-6 асрларга мансуб қалъа (Арки аъло) ва унинг ичида жойлашган тантаналар зали топилган.
Милодий 5-6 асрларга тегишли мажмуада Самарқанд ҳукмдорларининг давлат архиви ва ёзги саройи жойлашган бўлиб, ёнғин туфайли вайронага учраган архивдан ноёб давлат ҳужжатлари, элчилик хатлари, давлатлараро шартномалар ва булла деб аталган тахтакачларда суғдий ёзув намуналари топилди.
Саройнинг ёғоч устунли кўркам хоналаридан бирида уч ярусли суфа, суфа устидаги тахтиравонда эса шерсифат кўринишидаги ҳукмдор ўтирибди. Хонанинг деворлари ёғоч ўймакорлиги услубида чизилган расмлар (панно) галереяси билан безатилган.
Археологлар томонидан топилган, яхши сақланиб қолган паннонинг ўлчамлари 124х141 см., У ўзи иккита кенг тахтадан иборат бўлиб, улар темир тутқич билан бириктирилган. Паннода тўрт қаторда жами 46та инсон қиёфалари чизилган.
Хабарда айтилишига кўра, бундай кўп фигурали аниқ суратлар композицияси Марказий Осиё тарихида илк бор топилган бўлиб, у дунёвий аҳамиятга эга экан. Ушбу тарихий мажмуада қазиш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, ФА хабарига кўра, зардўштлик даврига оид ушбу сарой 8 аср бошида арабларнинг Қутайбо бинни Муслим бошчиллигидаги ҳарбий қўшини томонидан ёқиб юборилган экан.