ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия Олимпия қўмиталари ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиши бўйича меморандум имзоланди, деб хабар берди Россия Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Хабар қилинишича, жума куни Россия Олимпия қўмитаси президенти Александр Жуков Ўзбекистон МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
"Меморандумга кўра, икки томонлама ҳамкорлик самарали ривожланиши учун иш олиб борилади. Россиялик таниқли мутахассислар ўзбекистонлик мураббийларга ўқув-курслар, семинарлар ташкил этишади", — дейилади хабарда.
Шунингдек, соҳа ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган адабиётлар, дарсликлар янги ташкил этилаётган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети учун ҳам берилади.