ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки валюта операциялари борасидаги сўровлар юзасидан маълумот берди.
Банк матбуот хизматининг билдиришича, юридик шахслар жорий халқаро операциялар бўйича хорижий валютани тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда харид қилишлари мумкин; экспорт билан шуғулланувчи фирма ва бошқа субъектлар хорижий валютадан тушумини мажбурий сотиш талабисиз фойдаланишлари мумкин.
Фуқаролар банк карталаридаги хорижий валютани ҳеч қандай чекловларсиз ечиб олишлари, онлайн-тизимлар орқали ўтказишлари, рухсатномасиз 5 минг долларгача маблағни республика ташқарисига олиб чиқишлари мумкин, фақат 2 минг доллардан ортиқ маблағ бўлган тақдирда мажбурий декларациялаш лозим бўлади.
Якка тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари ўзларининг банкдаги ҳисобварағидан нақд валютани чекланмаган миқдорда ечиб олиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда шу йилнинг 1 ноябрига қадар туну кун ишлайдиган автоматлашган валюта алмаштириш пунктлари ишга тушиши хабар қилинганди.