ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Жазоирда Ил-76 ҳарбий самолёти қулаши оқибатида 105 киши қурбон бўлди, деб хабар қилмоқда, En-Nahar маҳаллий телеканал.
Фожеа маҳаллий вақт билан соат 10:00 ларда содир бўлган. Бортида фақат ҳарбийлар бўлган самолёт ҳавога кўтарилганидан сўнг бир неча дақиқа ўтиб қулаб тушган. Ҳалокатда ҳеч ким тирик қолмаган. Самолёт ҳалокатга учраши сабаблари ўрганилмоқда. Бу борада ҳозирча ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ.
"Буфарикда самолёт ҳалокатида 105 киши қурбон бўлди, улардан 26 нафари Полисарио (Ғарбий Сахара озодлик ҳаракати) вакиллари эди", — дейилган телеканал хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ил-76 Тошкент авиация заводининг асосий маҳсулоти ҳисобланган. 1971-2012 йиллар давомида Тошкент авиация заводида 900дан ортиқ Ил-76 самолётлари ишлаб чиқарилган. 2012 йилда ишлаб чиқариш Ульяновскка кўчирилган.
Ил-76 самолёти — Россия, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Қозоғистон, Украина, Сурия, Жазоир ва Ўзбекистон Ҳарбий кучларининг асосий ҳарбий-транспорт самолёти ҳисобланади. Ушбу самолётдан десант ташлаш, ҳавода ёнилғи қуювчи машина, радиоразведка ва бошқа кўплаб мақсадларда фойдаланилади. Самолёт ўртача нархи 30 млн доллар, ўртача фойдаланиш муддати — 30 йил.
Турли манбааларда айтилишига кўра, ўтган йиллар давомида 948 та Ил-76 самолёти ишлаб чиқарилган. Ушбу кунга қадар улардан 52 таси ҳалокатга учраган ва 24 таси жангларда йўқотилган.