ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Зиёратчилардан ундирилаётган маблағ иншоотни сақлаш ва ҳудудни ободонлаштириш, меҳмонлар учун зарур шарт-шароит яратиш ҳамда ходимларга иш ҳақи беришга йўналтирилади, деган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Д.Эрмаматов "Зарафшон" газетаси мухбири билан суҳбатда.
Йилнинг биринчи чорагида Имом Бухорий мажмуасини 311 минг нафардан ортиқ сайёҳ, жумладан, 1900 нафарга яқин хорижликлар зиёрат қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 146 минг нафарга кўп демакдир. Пул тушуми эса 414 миллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг биринчи чорагига нисбатан икки баробар кўп бўлган.
Айни пайтда дам олиш кунларида мажмуага ўртача 5 минг нафар сайёҳ келмоқда.
Наврўз байрами кунлари эса 15-17 минггача зиёратчи ташриф буюрди. Биринчи навбатда бу сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаб этилади. Шу мақсадда илгариги битта қўриқлаш пости иккитага етказилиб, туну кун қўриқлов амалга ошириляпти.
Мажмуа ичида эса "Хавфсиз туризм" ходимлари фаолият кўрсатмоқда.