ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. 2018 йилги ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари энг юқори даражада кўрсатиладиган барча хизматларни эътиборга олган ҳолда ҳамда Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан 38 миллион сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. Бунда Ўзбекистон Республикасида хорижий валютанинг эркин конвертация қилиниши ҳам эътиборга олинган.
Хабарга кўра, бу йилги ҳаж мавсуми ташкилий ишлари бошланди. Зиёратчиларни турли касалликларга қарши вакцина билан эмлаш ишлари жорий йилнинг 25 апрел кунига қадар давом этиши белгиланди.
Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун соҳа мутахассисларидан иборат 230 нафар малакали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт гуруҳи, ошпазлар гуруҳи сафарбар этилади. Мазкур ишчи гуруҳи ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг ибодатларини эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга оширишларини таъминлайдилар.
Ўзбекистонлик зиёратчиларга муқаддас шаҳарларда жойлашган энг замонавий ҳамда барча шароитларга эга бўлган меҳмонхоналар хизмат кўрсатади. Зиёратчилар нафақат меҳмонхоналарда, балки Мино-Муздалифа-Арафот водийларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат, 24 соат иссиқ чой ва тиббий хизмат билан таъминланадилар.