ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Самарқанд вилоятида қидирувда бўлган икки фуқаро кечирилди, деб хабар қилмоқда Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Яқинда бўлиб ўтган махсус қидирувдаги фуқаролар ва уларнинг яқин қариндошлари билан вилоятда амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилишда вилоят ҳокими Туробжон Жўраев "Уларга айтинг, қайтишсин, вилоят ҳокими сифатида ваъда бераман, ҳеч бирини қамамаймиз. Президентимизнинг топшириғи бу. Уларни тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса, бу борада ҳам ёрдам берамиз" дея қидирувда юрган адашганларнинг яқинларига мурожаат этган эди.
Таъкидланишича, йиғилишда 64 ёшли она, ургутлик Муҳайё Ходиева бир эмас, уч ўғли четда юрганини, уларнинг ёш болалари борлигини айтиб, фарзандларини қайтариш борасида ёрдам сўраган.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай фарзандлар қайтарилган. "Бир неча йиллардан буён қидирувда бўлган ака-ука Аслиддин ва Хуршид Эргашевлар ўз ихтиёри билан юртимизга қайтгани учун уларга нисбатан қамоқ чораси қўлланилмади", — дейилади хабарда.
"Невараларим ҳам оталари меҳрига зор эди. Ўғилларим меҳнаткаш. Энди улар бу ишончни ҳалол меҳнати, Ватанга садоқати билан оқлашига мен кафилман. Бизга шундай имкониятни берган Президентимизга минг раҳмат!", — деб айтган она.
"Тўғри йўлдан адашиб, анча вақтни Ватанимиз, оиламиз бағридан йироқда ўтказдик, — дейди А.Эргашев. — Бизга тўғри ҳаёт кечириш учун қайта имкон берилганидан мамнунмиз. Бундан тўғри хулоса чиқариб, келгусида ҳалол меҳнат қилиб, оиламиз бағрида ҳаёт кечирамиз. Бунинг учун Президентимиздан, бизни қайтишимизга кўмак берган инсонлардан миннатдормиз".
Муҳими, адашганлар кеч бўлсада, нон-туз берган заминга, яқинларига хиёнат қилиш жирканч гуноҳ эканлигини тушуниб етди. Берилган имкондан фойдаланиш уларнинг ҳаётдаги энг тўғри танлови бўлди. Бу эса юртимизда инсонпарварлик тамойили амалда эканлигини, бу Ватан бош эгиб келган фарзандининг кўкрагидан итармай, тўғри йўл кўрсатиб, бағрига олишини яна бир бор намоён этди, дейилади хабарда.