ТОШКЕНТ, 4 апр – Sputnik. Pepsi компанияси Ўзбекистон Суперлигасига титул ҳомий бўлиш истагини билдирди. Шу мақсадда компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари бугун Миллий олимпия қўмитасида Умид Аҳмаджонов билан учрашишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар қилди.
"Pepsi компанияси реклама индустриясида айнан спортнинг футбол турига катта эътибор қаратади. Компаниямиз шунингдек, жаҳонинг энг нуфузли спорт мусобақаларидан бири – футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг ҳам расмий ҳомийси ҳисобланади. Биз ўзбек футболида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, ислоҳотларда бевосита иштирок этишни, шу орқали ўзбек спорти тараққиёти ва ривожланишига ҳисса қўшишни истаймиз. Қолаверса Ўзбекистон Суперлигаси компаниямизни янада машҳурроқ қилиш, маҳсулотларимизни реклама қилиш учун катта бозордир. Биз бу имкониятни қўлдан чиқармаслигимиз керак," – деган учрашувда Pepsiнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Шуҳрат Эргашев.
Хабарга кўра, учрашув якунида Pepsi компанияси ва Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ўртасида йил якунига қадар шартнома имзоланди. Келаси мавсумда ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш, мусобақалар сонини ошириш, болалар ва маҳалла футболига ҳам кириб бориш масаласида келишиб олинди.