ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Ўзбекистондаги йирик банклардан бири бўлган "Алоқабанк" банкоматларда пластик картадаги маблағни ечиб олишнинг кунлик лимитини 1 миллион сўмгача оширди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Аммо ҳозирча бу миқдордаги пулни "Алоқабанк" Амалиёт бошқармаси ва Миробод филиалида жойлашган банкоматларда ечиб олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил августида Ўзбекистондаги банклар банкомат орқали пластик картадаги маблағни ечиб олиш имконини яратганди.
Биринчи бўлиб "Халқ банки" Тошкентдаги Олой, Юнусобод ва Қўйлиқ бозорларида банкоматлар ўрнатганди. Шундан сўнг бошқа банклар ҳам аҳоли гавжум жойларда ўз банкоматларини ўрнатди. Дастлаб картадан бир кунда 100 минг сўмгача пул ечиб олиш мумкин эди. Кейинроқ лимит 200 минг сўмгача оширилди, айрим банклар карталаридан эса 400 минг сўмгача пул ечиб олиш мумкин.
Картадаги пулни нақдлаштириш икки дақиқага яқин вақтни олади. Нақд пул 50 минг, 10 минг ва 1 минг сўмлик қоғоз пулларда берилади. Банклар ушбу операция учун нақдлаштирилган сумманинг 1% миқдорида хизмат ҳақи олади.