ТОШКЕНТ, 4 апр – Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Туркиянинг Анталия шаҳрида жойлашган меҳмонхоналарда ишлаш учун фуқаролар ишга таклиф этилишини билдирди.
Агентликнинг маълум қилишича, ишга танлов асосида қабул қилинади.
Танлов 5-6 апрел кунлари соат 9дан 17гача бўлиб ўтиши белгиланган, иш берувчи томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги билдирилган.
Хона тозалаш хизматига 18 ёшдан 45 ёшгача, официантлик хизматига 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёллар таклиф этилган.
Иш ўринлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан Туркиянинг "Visa Work Antalya" компанияси ўртасида имзоланган шартномага асосан таклиф қилинмоқда.
Мазкур иш ўринлари тўғрисидаги саволлар билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг ҳудудлардаги филиалларига бевосита мурожаат этган ҳолда ёки Агентликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан батафсил маълумот олиш мумкинлиги айтилган.