ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Бугун, 2 апрель куни Тошкентдаги "Mega Planet" ва "Vega Centre" савдо марказларида ИИББ ЁХБ, ФВБ, "Ўздавэнергоназорат" Тошкент шаҳар бўлими, газ авария хизмати ҳамда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси ходимлари ҳамкорлигида амалий машғулотлар ўтказилди, деб хабар қилди ФВВ матбуот хизмати.
Машғулотларда марказ ходимлари ёнғин келиб чиққанда уни бартараф этиш, фуқароларни эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш машқларини бевосита мутахассислар билан биргаликда бажаришди.
"Алоҳида эътибор фуқаролар билан ишлашга қаратилди: ёнғин юз берганда саросимага тушмасдан, болалар ва катта ёшдагиларни бинодан ташқарига олиб чиқиш йўллари кўрсатиб берилди", — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, машғулот доирасида ушбу бинолардаги ёнғинга қарши хавфсизлик тизимлари, эвакуация режалари, ёнғин ўчириш воситалари ҳолатининг созлиги, захира чиқиш йўллари ва кўрсаткичларининг мавжудлиги текширувдан ўтказилди.