ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Чет тили йўналишида биринчи марта Халқаро олимпиадада иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари учинчи ўринни эгаллашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти жамоаси якуний натижаларга кўра Халқаро олимпиадада учинчи ўринни эгаллади.
26-30 март кунлари Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Монте-Мелконян ҳарбий коллежида бўлиб ўтган олимпиадада Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари "Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик" дастури тайёрлаш маркази инглиз тили кафедраси мудири Иля Зверев бошчилигидаги Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти 3-босқич курсанти Аббос Раҳимжонов ва 2-босиқ курсантлари Лазиз Раҳимов, Бекпўлат Боқижоновлардан иборат жамоа иштирок этди.
Халқаро олимпиаданинг энг юқори поғонасидан Россия Ҳарбий университети курсантлари жой олган бўлса, Арманистоннинг Вазген Саркисян номидаги Ҳарбий университет жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистон шарафини халқаро мусобақада муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар 1 апрел куни И. Каримов номидаги Халқаро аэропортида кутиб олинади.
Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (математика бўйича) 2-6 апрел кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Радиоэлектроника ва алоқа ҳарбий-муҳандислик институтида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳимоя қилишади.