ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Тожикистондаги шаҳар такси хизмати автомобилларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик шаҳарлари реклама қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
"Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза режимининг бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўшни давлатлардан кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш мақсадида турли хил усуллардан фойдаланмоқда", — дейилади хабарда.
Бундан мақсад, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга бўлган қизиқишни янада ошириш, Тожикистон аҳолисини Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари тўғрисида хабардор этишдир.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг Тожикистонга ташрифи якунларига кўра, икки давлат ўртасида визасиз тартиб тўғрисидаги битим имзоланди.