ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳаси сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Мажлис иштирокчиларини қонун лойиҳаси билан Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев таништирди.
Мазкур қонун Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) фаолиятининг ҳуқуқий ва қонуний асослари, мақоми, фаолият предмети, ваколатларини аниқ белгилаб беради.
Қонунга кўра, ДХХнинг асосий ваколати этиб, разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш киради.
ДХХ Ўзбекистон Жиноят Кодексининг фақат 17 моддаси бўйича тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириши мумкинлиги белгиланди.
Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш ДХХ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қайд этилди. Терроризмга қарши курашиш, халқаро ҳамкорликни амалга ошириш борасида ДХХ зиммасига муҳим функциялар юкланмоқда.
Шунингдек, қонунда ДХХ президентга бевосита ҳисобдор эканлиги ва президент ДХХ фаолияти устидан бевосита назоратни амалга ошириши белгиланган.