ТОШКЕНТ, 29 мар – Sputnik. Ўзбекистонлик беш фуқаро Олмаотада гипноз ёрдамида пенсионерларнинг пулини ўғирлашда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда шаҳар ички ишлар бўлими матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизматининг хабарига кўра, қўлга олинганлар ўз ватанларида илгари жиноий жавобгарликка тортилган.
"Қоғоз пулларни текшириш ва янгисига алмаштириб бериш таклифи орқали улар қарияларнинг тўплаб қўйган пулларини олиб кетишган. Маълум бўлишича, ушбу жиноий гуруҳдаги аёллар бунда гипноздан фойдаланишган: қариялар ўз жамғармаларини уларга қандай қилиб бериб юборишганини зўрға эслашган", — дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, баъзида улар пенсионерларни банккача кузатиб боришган ва банкдан жамғармаларини олишларини кутиб туришган.
"Айни пайтда уларнинг уч нафар пенсионерга нисбатан фирибгарлик ишлатишгани ва 3 миллион тенге (9 минг долларга яқин)ни қўлга киритишгани аниқланди", — деди полиция маҳкамаси вакили.
"Гастролчи"лар шунга ўхшаш бошқа жиноятларга ҳам алоқадорликда гумон қилинмоқда.