ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Адлия вазирлиги томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фоҳишахонага жинсий эҳтиёжини қондириш мақсадида борган шахсларга жазо белгилаш тўғрисидаги моддани киритиш таклиф қилинмоқда. Бу таклиф Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларининг муҳокамаси порталига жойлаштирилган лойиҳадан ўрин олган.
Кодексда таклиф этилаётган 1901-моддага кўра, "Жинсий эҳтиёжини қондириш мақсадида фоҳишахонага борган шахс энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилади".
Ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда фоҳишалик билан шуғулланиш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Қонунчиликка таклиф этилган ўзгартириш жорий йилнинг 2 апрелига қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, сўнгра Сенат томонидан кўриб чиқилади ва 1 майдан кучга кириши режалаштирилган.