ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари хотирасини йўқотган Россия фуқаросининг оиласини топишга ёрдам берди, деб хабар қилди ШИИББ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқда Роза Фахретдинова исмли аёл 1977 йилда туғилган Дмитрий Питько ҳақида ёзиб, унинг отаси Оренбург вилоятининг Александровск туманида яшашини билдирган.
Тошкент милицияси тезкор ходимлари Сергей Дмитриевични топишди ва унга ўғли ҳақида маълум қилишди. Питько Димани анчадан буён қидираётганини, ҳатто "Жди меня" кўрсатувига мурожаат қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 90-йиллар бошида Сергей Дмитриевич турмуш ўртоғи Нина, ўғли Дмитрий ва қизи Катарина билан Ўзбекистондан Россияга кўчиб кетишади. Кейинчалик улар ажрашиб кетишади. Сергей Оренбургда қолади, Нина эса Тошкентга қайтади. Дмитрий 1994 йилда мактабни битириб онасининг ёнига қайтади. Ўшандан буён у отаси билан кўришмаган, Нина Питько эса ўша йили вафот этган.
Тошкент ШИИББ ходимлари Дмитрий Питькони тўрт кунда топишди, чунки ижтимоий тармоқдаги постда айтилган "аэропорт атрофи" каттагина ҳудудни эгаллайди. Автомобилларни ювиш шахобчасидагилардан бири Дмитрийга ўхшаган шахсни йўл четидаги қаҳвахона олдида кўрганини айтди. Қаҳвахона эгаси Эдуард Чуляков ва унинг турмуш ўртоғи Лада Дмитрийни дарров танишди.
Уларнинг айтишларича, март ойи бошида унинг хотираси қисман тикланган, у қоғозга отаси ҳақидаги маълумотлар ва Россиядаги манзилгоҳини ёзиб берган. Кейинроқ аниқланишича, бу маълумотлар қисман тўғри бўлиб чиқди. Қаҳвахонада ишловчи Юлия Никишева маълумотларни "Жди меня" дастурининг ижтимоий тармоқдаги гуруҳига жойлаган. Роза Фахретдинова шу асосда ўз постини ёзган. Қаҳвахона эгалари ва ходимлари анча йиллардан бери Дмитрийнинг қорнини тўқлаб, устини бутлаб келишган.
Россияга бориш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг у Оренбург вилоятига отасининг олдига жўнатилади.