ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Ўзбекистон халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) республикадаги фаолиятини қийинлаштирадиган ёки қўшимча тарзда тартибга соладиган янги қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишни режалаштирмаяпти, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Шу билан бир қаторда ОАВларда Ўзбекистонда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг рўйхатдан ўтказилиши жараёни ва фаолияти қийинлаштирилгани ҳақида хабарлар мунтазам равишда берилиб борилади.
"Ўйлашимча, чет эл ННТи фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонунчилик ҳужжатлари бўлмайди. Қонунчилик жиҳатдан конфронтация йўлидан боришни истамаймиз. Бизда барча тенг. Умуман олганда, бундай ташкилотлар фаолияти кафолати ҳақидаги ҳужжатларимизда маҳаллий ННТларнинг халқаро фаолияти, шунингдек, бизнинг чет эл ННТлари билан ҳамкорлигимиз ҳақида барча зарур низомлар мавжуд. Ушбу нормалар, мен ўйлайманки, етарли", — деб таъкидлаган Sputnik нашрига парламент қуйи палатасининг депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов.
Саидовнинг сўзларига кўра, яқин вақтда мамлакатда бир нечта йирик халқаро нодавлат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш бўйича масала ҳал этилади.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ўз ҳудудидаги ННТлар фаолиятини тартибга солиб боради. АҚШ қатор қонунлар ёрдамида ўз ҳудудидаги ташқи кучлар ҳаракатлари ва фаолиятини қатъий тартибга солиб боради. Ана шулардан бири чет эл агентларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Актдир.
2012 йилда Россия чет элдан молиялаштириладиган ва сиёсий фаолиятда иштирок этадиган барча ННТлар, чет эл агентлари деб тан олиниши ҳақида қарор қабул қилди. Сўнгра "номақбул ташкилотлар" тушунчаси пайдо бўлди.