ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни сайловида эришган ишончли ғалаба билан қутлади, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Президент табрикномасида сайлов натижалари Владимир Путин олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга Россия халқи билдирган ишончини намойиш қилгани айтиб ўтилган.
"Сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган, Россия жамиятини бирлаштириш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва Россия Федерациясининг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани қайд этилган", — дейилган хабарда.
Шунингдек, табрик сўзида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг мустаҳкамлангани алоҳида таъкидлаб ўтилган.