ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ички ишлар органлари ўз жонига қасд қилинган ҳар бир ҳолат тўғрисида психиатрия хизмати муассасаларига зудлик билан хабар беради. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 16 март куни имзоланган "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги янги қарорида айтиб ўтилган.
Шунингдек, 2018 йил 1 майдан бошлаб хусусий тиббиёт ташкилотларига руҳий ҳолат бузилишини ва хулқ-атвор бузилишини ташхис қилиш ва даволаш бўйича аҳолига айрим хизматлар кўрсатишга рухсат берилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда руҳий ҳолати бузилишини ва хулқ-атвор бузилишини ташхис қилиш ва даволаш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини тасдиқлаши керак бўлади.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали, Андижон давлат тиббиёт институти ва Самарқанд давлат тиббиёт институтида "психиатрия" йўналиши бўйича клиник ординатурада ўқиш учун ўринлар сонини 10 нафаргача оширилади.