ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Самарқанд вилоятига бўлган ташрифининг иккинчи кунида Шавкат Мирзиёев Миллий гвардия бўлинмаси фаолияти билан танишиди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Президентга ушбу тизимда амалга оширилаётган ишлар, ҳарбийлар учун яратилаётган шароитлар, янги қурол-аслаҳа, алоқа воситалари ва кийим бошлари ҳақида ахборот берилди.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг Олий Бош Қўмондони сифатида, вазиятни доимий таҳлил қилиш, хатарларнинг олдини олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берди, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк саркардаларимиз ҳарбий маҳоратини ўрганиш, ўқув-тактик методикани ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Бўлинмада Шавкат Мирзиёев замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғларни кўздан кечирди. Таклиф этилаётган ҳарбий кийимлар билан танишди ва ўз тавсияларини берди.
“Ҳарбий либослар миллийлигимизни акс эттирадиган, тарихда қоладиган бўлиши керак. Шунинг учун бу масалани ҳар томонлама ўйлаш, лойиҳаларни халқ муҳокамасига қўйиш зарур”, — деди давлат раҳбари.
Миллий гвардия бўлинмасига уюштирилган ташриф Самарқанд вилоятига бўлган сафарининг якунловчи нуқтаси бўлди.