ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Буюк Британия Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия ўлими юзасидан, шунингдек, Николай Глушковнинг ўлими ҳолати бўйича Россия томон билан ҳамкорликда тергов олиб боришга тайёр, деб баёнот қилди Британия Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон.
"Биз Россия томон билан мана шу мавзуда яқин кунларда ҳамкорлик қилишни бошламоқчи эдик", — деган Британия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари.
Россия Давлат думаси халқаро масалалар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Дмитрий Новиков Лондоннинг бу таклифига жавобан, Британия Сергей Скрипаль ва Николай Глушков иши бўйича нималарни тақдим этишга тайёрлигига аниқлик киритиши лозимлигини таъкидлади. "Шунга қараб Россия бу таклифни қабул қилиши ёхуд рад этиши мумкин", — деди у.
"Бу ишда кўп нарса майда деталларга боғлиқ. Агар улар ўзларининг айрим хулосаларини тақдим этмоқчи бўлса, бу бир гап, лекин агарда улар юз берган ҳодисанинг бутун бир занжирини, ўзлари ўтказган суриштирувларни тақдим этсалар, бу мутлақо бошқа гап, ўшандагина бу қарорни яхши мақсад йўлида қилинган таклиф сифатида қабул қилиш мумкин, ўшанда ҳам бу ишга диққат билан қараш керак бўлади", — деган Новиков РИА Новости нашрига.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар Солсберида юз берган ҳодиса — британия махсус хизматларига ишлаган Разведка бош бошқармасининг захирадаги собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланишидан кейин ўткир тус олди. Британия томон ҳеч қандай далилларни келтирмасдан, "Новичок" моддаси билан заҳарланган Скрипалларнинг ўлимида Россиянинг алоқаси борлигини қатъий таъкидлади.
Ушбу муносабат билан Британия Бош вазири Тереза Мэй Россияга қарши қатор чоралар эълон қилди: 23 нафар Россия элчисининг мамлакатдан чиқариб юборилиши, олий даражадаги иккиёқлама алоқаларнинг музлатиб қўйилиши шулар жумласидандир.
Россия ТИВ шанба куни эрталаб Буюк Британияга қарши жавоб чораларини эълон қилди. Британия элчихонасининг 23 нафар дипломати Россияни бир ҳафта муддатда тарк этишлари керак бўлади.
Глушковнинг ўлими тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, "Аэрофлот"даги талон-тарож ишлари учун Россияда саккиз йиллик колония жазосини ўтаган Глушков шу кунларда Лондонда вафот этди.
Тергов ҳозирча эркакнинг ўлимини "тушунарсиз" дея изоҳлаб турибди. Шу билан бирга Скотленд-Ярд Глушков бўғилишдан ҳалок бўлган деган версияни илгари сурган. Юз берган ҳодиса — қотиллик сифатида квалификация қилинган. Тергов ишлари давом эттирилмоқда. Россия тергов қўмитасида жиноят ишлари қўзғатилган.