ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ички ишлар ходимлари ўғирлик билан шуғулланган мактаб ўқувчиларини қўлга олди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишча, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 5 март куни номаълум шахслар Муқимий кўчасида яшовчи, 1972 йилда туғилган Ш. Маматқулованинг уйига калит танлаш йўли билан кириб, хонасидан пулларини ўғирлаб кетганлар.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Жомбой тумани Гулистон маҳалласи Пахтакор кўчаси 11-уйда яшовчи, Самарқандаги коллеж ўқувчиси, 2000 йилда туғилган З.Яхшибоев, ва А.Қурбонов маҳалласи Беруний кўчаси 4-уйда яшовчи, коллеж ўқувчиси, 1999 йилда туғилган Ф.Маъруфовлар содир этганликлари аниқланиб қўлга олинган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 2018 йил 27 феврал кунида номаълум шахс Тинчлик кўчасида яшовчи, Д.Расулованинг уйига калит танлаш йўли билан кириб, хонасидаги сейфидан пуллари ва турли хилдаги заргарлик буюмларини ўғирлаб кетган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Яккабоғ туманида яшовчи, мактаб ўқувчиси, О.Ҳ содир этганлиги аниқланиб ушланган.