ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бугун, 15 март куни, Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз қилишда айбланаётган Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Бугунги суд мажлиси бошланишида судланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан суд томонидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси хулосаси ўқиб эшиттирилди.
Экспертиза хулосаси Бобомурод Абдуллаевнинг МХХ тергов-изоляторида қийноққа солинганлигини тасдиқламади.
Бундан ташқари, бугунги суд мажлисида Давлат айбловчиси томонидан айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди.
Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар Ўзбекистонда давлат тўнтаришини содир этишга уриниш, давлат ҳокимияти вакиллари ва уларнинг оилалари вакилларини обрўсизлантиришга ҳаракат қилиш, қуролли давлат тўнтаришини тарғиб қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар ёзишда айбланмоқда.
Бобомурод Абдуллаев суд жараёни давомида ўқиб эшиттирилган айбловларга жавобан ўз айбига иқрор эмаслигини маълум қилди.
Равшан Салаев қисман иқрорлигини айтди.
Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилишда айбланаётган судланувчи — блогер ва иқтисодчи Ҳаётхон Насреддинов эса ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Шавкат Оллоёров эса Бобомурод Абдуллаев сингари ўз айбига иқрор эмаслигини маълум қилди.
Шундан сўнг Бобомурод Абдуллаевнинг тергови бошланди.
Бобомурод Абдуллаев ўз тергов баёноти давомида МХХ терговчилари уни Ички ишлар вазирига қарши, Бош прокурорга қарши кўрсатма беришга мажбур этишганига иқрор бўлди. Шунингдек, уриб, қийнашганини айтди.
Тафсилотлар давом этаётганида соат 18:00 бўлганлиги сабабли сўроқ тўхтатилди.
Кейинги суд мажлиси 26 март санасига белгиланди.