ТОШКЕНТ, 15 мар – Sputnik. "Остона-опера" театрида Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биринчи даражали "Дўстиқ" ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегацияси раҳбарлари иштирок этди.
Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши муносабати билан Шавкат Мирзиёев ва бутун Ўзбекистон халқини табриклади.
Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Шавкат Мирзиёевни Қозоғистоннинг биринчи даражали "Дўстиқ" ордени билан мукофотлади.
“Тарихан бирлигимиз, маънан яқинлигимиз бугунги замоннинг мураккаб масалаларини ҳамкорликда ҳал қилиш, янги авлодлар келажагини биргаликда барпо этишимизга ёрдам беради. Биз минтақамизда ҳамиша тинчлик ва фаровонлик ҳукм суриши учун умумий уйимизни, фарзандларимизни келишмовчилик ва бошбошдоқликдан асрашимиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.