ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Остона шаҳрида 15 март куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Межлиси раҳбари Акжа Нурбердиева иштирок этди.
"Бундай учрашувни мунтазам ўтказиш ва минтақавий муаммоларимизни биргаликда ҳал этиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси. Йиғилишимиз ҳаммамиз учун умумий бўлган Наврўз байрами арафасида ўтаётгани ҳам чуқур маънога эга. Албатта, алоҳида учрашиб турардик, мулоқот қилардик, лекин бундай яхлит учрашув анчадан бери бўлмаган эди", — деди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу кун Марказий Осиё халқларининг кўп асрлик яхши қўшничилик тарихида янги саҳифа очилганини таъкидлади.
"Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан зиёд ўсган. Шу билан бирга, халқларимиз фаровонлиги йўлида фойдаланишимиз мумкин бўлган кўпдан-кўп имкониятлар мавжуд", — деди Мирзиёев.
Учрашувда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон президенти 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сурганди.
Бу ташаббуслар ноябрда Самарқандда ўтган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур тарзида тақдим этилди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви шу тарзда ташкил топди.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ҳар йили Наврўз байрами арафасида ўтказишни, навбатдаги учрашувни келгуси йили Тошкентда ташкил этишни таклиф қилди.