Хавфсизлик байроғи остида: МХХ вориси янги геральдикага эга бўлди

Oбуна бўлиш
Идоравий рамзларнинг таъсис этилиши ҳарбий хизматчиларнинг жанговор руҳини оширишга ҳамда уларни давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришга сафарбар этишга хизмат қилади

ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти фармони билан Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилди ҳамда ўз байроғи ва гербига эга бўлди.

"Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати байроғи барқарорлик, матонат, содиқлик, фидоийлик ва мардликни ифода этувчи тўқ кўк рангли тўғри бурчакли мато кўринишига эга", — дейилади ҳужжатда.

Байроқ марказида геральдик белги — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг эмблемаси тасвирланган.

Байроқнинг узунлиги — 250 см., эни — 125 см.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати эмблемаси тўқ кўк рангли айлана тасмаси бўлган кумуш ранг доирадан иборат.

"Доира марказида давлат ва жамиятни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш рамзини англатувчи, пастки қисми чўзилган, юқори бурчаклари кесилган учбурчак кўринишига эга қалқон тасвирланган. Қалқон юзаси кумуш рангда. Қалқоннинг марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган", — дейилади фармонга шарҳда.

Қалқоннинг кесилган икки юқори ва пастки бурчакларида шахс, жамият ва давлат манфаатлари муҳофазасини англатувчи учта халқа тасвирланган.

Қалқон ортида симметрия ўқи бўйича тиғи пастга йўналтирилган қилич жойлашган. Қилич куч, шаън, адолат, жасорат ва ҳушёрликни англатади.

© Правительственный портал республики УзбекистанГеральдический знак – эмблема Службы государственной безопасности Республики Узбекистан
Геральдический знак – эмблема Службы государственной безопасности Республики Узбекистан - Sputnik Ўзбекистон
Геральдический знак – эмблема Службы государственной безопасности Республики Узбекистан

Қилич дастаги еттита ҳалқадан иборат бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий тамойилларини англатади.

Қалқон ва қилич ортида симметрик равишда икки томонга ҳилпираётган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қалқон ва қилич ортида жойлашуви конституциявий тузум, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва давлат манфаатларининг ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланганлигини англатади.

Қайд этилишича, идоравий рамзларнинг таъсис этилиши ҳарбий хизматчиларнинг жанговор руҳини оширишга ҳамда уларни давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришга сафарбар этишга хизмат қилади.

Фармон билан собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг айрим ваколатлари Ички ишлар вазирлигига, шунингдек, Мудофаа вазирлигига ўтказилди.

Янгиликлар лентаси
0