ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Ўзбекистон Марказий банки томонидан ишлаб чиқилган 2018 йилнинг 1 апрелидан мамлакат ҳудудида нақд хорижий валютани ечиб олиш механизмини жорий этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб жисмоний шахслар халқаро тўлов карточкаларига харид қилинган нақд хорижий валютани ечиб олишлари мумкин бўлади.
Бунда хорижий валюта тижорат банклари томонидан белгиланган лимитлар доирасида ечиб олиниши мумкин.
Шунингдек, 1 апрелга қадар чет эл валютаси олди-сотдиси бўйича амалиётларни бажариш ва халқаро тўлов карточкаларидан маблағларни хорижий ва миллий валютадаги муддатли депозитларга ўтказишни таъминлаш имконини берувчи, жисмоний шахслар ҳисобларини масофадан бошқариш тизими жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб жисмоний шахслар хорижий валютани банкларга бозор курси бўйича сотиш ҳуқуқига эга бўлганди.
Илгари банклар хорижий валютани бозор курсидан икки баравар арзон бўлган давлат курсида сотиб оларди.