ТОШКЕНТ, 7 мар – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хмеймим аэродромида Ан-26 ҳарбий-транспорт самолёти қулаши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
“Давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 6 март куни Сурияда Ан-26 самолёти ҳалокатга учради. Унинг бортида 33 нафар йўловчи ва олти нафар экипаж аъзолари бўлган.
Тўлдирилган ва аниқлаштирилган сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси — россиялик ҳарбий хизматчилар, уларнинг 27 нафари зобитлар, шулардан бири генерал-майор унвонига эга. Қолганлари прапорщик ва шартнома асосида хизмат қилаётганлардир, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги ахборотида.
Мудофаа вазирлиги самолётга зарба берилмаганлигини тасдиқлаган.