ТОШКЕНТ, 4 мар – Sputnik. Американинг Огайё шатати, Колумбус шаҳрида бўлиб ўтган “Арнольд классик-2018” мусобақасида Ўзбекистонлик атлет Михаил Волынкин бодибилдинг бўйича ҳаваскорлар орасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлди, бу ҳақида Лола Каримова-Тиллаева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар қилди.
Хабарда айтилишига кўра, Михаил ушбу нуфузли ғалабани қўлга киритган бирнчи Ўрта осиёлик спортчи бўлди. Бундан буён ушбу спортчи профессионал атлетлар мусобақаларида иштирок этади.
“Михаил Волынкиннинг ғалабаси бошқа ёш спортчиларга улкан илҳом бағишлайди. Ахир унинг ғалабаси, унинг меҳрибонлик уйидан чемпионликка қадар бўлган бутун умр йўли – бошқа ана шунга ўхшаш, ёшлигидан ота-онасиз қолган болалар юракларини ишонч билан тўлдиради”, — деди Лола Каримова.
Ундан ташқари Arnolds Sports Festivalда яна бир ўзбекистонлик спортчи Олеся Гуреева ҳам масреслинг бўйича олтин медал соҳиби бўлди.
Лола Каримова-Тиллаева айтишига қараганда, бугунги эришилган муваффақиятда унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевнинг ҳам ўрни бор, чунки у кўп йилллар давомида Ўзбекистонда ушбу спорт тури ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келган.
Мусобақадан сўнг, Михаил Волынкин бутун Ўзбекистон уни қўллаб-қувватлашгани, унинг номига дуолар қилишгани учун чин юракдан миннатдорлик билдирди.