ТОШКЕНТ, 28 фев – Sputnik. Тошкент шаҳар Олмазор тумани жиноий ишлар бўйича суди 27 феврал куни Тошкент Тиббиёт академияси анестезиологи Шерзод Турсуновни 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди, деб хабар қилмоқда uznews.uz нашри.
Хабарда айтилишига кўра, 2017 йилнинг 15 сентябрь куни Бегзод Тўрахужаев “ўткир апендицит” диагнози билан Тошкент тиббиёт академиясига олиб келинади. Уч соат давом этган операциядан сўнг шифокорлар беморнинг ўлими ҳақида хабар беришади.
Кейин бўлиб ўтган текширувлар натижасида бемор организмга киритилган наркоз препаратига нисбатан аллергик реакция оқибатида вафот этгани аниқланади. Ундан ташқари шифокор етарли миқдорда сунъий кислород заҳирасини ҳам тайёрламагани маълум бўлади.
“Тўрахўжаев Бекзоднинг ўлими медикаментоз анафилактик реакция туфайли келиб чиққан бронхоспазм ва асфикция (бўғилиш) оқибатида юз берган”, — дейилган 2017 йилнинг 5 октябрь куни бўлиб ўтган клиник-анатомик комиссия хулосасида.
Ушбу воқеадан кейин Ўзбекистон ЖКнинг 116 моддаси 3 бўлими (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) бўйича жиноий иш қўзғатилган эди.
27 феврал куни суднинг якуний ҳукми ўқилди. Унга кўра, Шерзод Турсунов 3 йил 6 ой муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Ундан ташқари Турсунов икки йил давомида тиббий фаолият билан шуғулланиш таъқиқланади.