Ўтган йили уч минг нафар аёл электрон судлов орқали алимент ундирди

CC0 / pixabay / Работа за компьютером
Работа за компьютером - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
2017 йил давомида Ўзбекистондаги фуқаролик ишлари бўйича судларига E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали 442435 та ариза ва даъво аризалар келиб тушган

ТОШКЕНТ, 28 фев – Sputnik. Ўтган йили E-SUD тизими ёрдамида 3 минг нафар аёл вояга етмаган болалар учун алимент ундириш масаласини ўз фойдасига ҳал қилишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда БМТ тараққиёт дастури сайтида маълум қилинди.

Билдирилишича, 2017 йил давомида Ўзбекистондаги фуқаролик ишлари бўйича судларига E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали 442435 та ариза ва даъво аризалар келиб тушган бўлиб, бу барча кўрилган ишларнинг 40 фоизини ташкил қилади.

"E-SUD тизими ёрдамида Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидаги 3000 нафар аёл судларда вояга етмаган болалар учун алимент ундириш масаласини ўз фойдасига ҳал қилишга муваффақ бўлди. Бу кўрсаткич 2017 йилда мазкур тоифада фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилган ишларнинг 10 фоизини ташкил қилади", — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, электрон судлов тизимининг жорий этилиши натижасида бевосита суд биносига ташрифлар сони ўртача 6-7 тадан 2-3 тагача қисқарди, бу эса томонларга ўз харажатларини 10 фоизга камайтириш имконини берди.

E-SUD ахборот тизими 2013 йилда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг "Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси доирасида жорий этилган. Бугунги кунга келиб тизим республикадаги фуқаролик ишлари бўйича барча 75 та судларда муваффақиятли ишлаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электрон ҳукуматнинг жорий этилиши ва ривожланиши миллий устуворлик касб этган, "Электрон ҳукумат" бўйича 40дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинган, "Электрон ҳукумат ҳақида"ги қонун асосида меъёрий-ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган.

Халқаро Электралоқа иттифоқининг 2017 йилдаги ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон АКТни ривожлантириш индексида 15 ўрин юқорига кўтарилиб, 192 мамлакат орасида 95-ўринни эгаллади.

Янгиликлар лентаси
0