Андижондаги Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳида ободонлаштириш ишлари бошланди

Oбуна бўлиш
Айтишларича, Қутайба ибн Муслим мангу қўним топган зиёратгоҳдаги қайрағоч танасидан томиб турувчи шарбат инсонга тетиклик бахш этади

ТОШКЕНТ, 28 фев – Sputnik. Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳида ободонлаштириш ишлари бошланди, деб хабар беради auz.uz.

Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистон туризм соҳасида улкан имкониятларга эга

"Обод қишлоқ" дастури доирасида бошланган бунёдкорлик ишлари олдидан ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ушбу маскан ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун шароитлар яратилишини билдирди. Бунинг учун давлат ҳисобидан 1миллиард сўм маблағ ажратилади.

Бунёдкорлик ишларига кириш олдидан Қуръон тиловат қилинди, қурбонлик сўйилиб, элга ош тортилди.

Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим йирик Ислом фотиҳларидан бири, ҳарбий саркарда ва тажрибали лашкарбоши бўлган. У 715 йилда янги халифа Сулаймонга бўйсунишдан бош тортгани учун қатл қилинган.

Айтишларича, Қутайба ибн Муслим мангу қўним топган зиёратгоҳдаги қайрағоч танасидан томиб турувчи шарбат инсонга тетиклик бахш этади. Нияти ва ихлосига кўра кўп хасталикларга шифо саналади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 феврал куни хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Президент туризмнинг иқтисодиётдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, мамлакатда бу борадаги аҳвол ва соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини бирма-бир таҳлил қилди.

Жорий йил февраль ойининг ўзида ушбу соҳага доир 4 та муҳим ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳужжатлар билан соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, туризм салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди, ички туризмни янада ривожлантиришга кўплаб имтиёзлар, енгилликлар берилди.

Янгиликлар лентаси
0