ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Ўзбекистон делегацияси Будапешт шаҳрида "Вишеград гуруҳи" ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашувида иштирок этди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Ўзбекистон делегацияси мамлакатнинг мавжуд иқтисодий, интелектуал ва илмий-техникавий имкониятларни инобатга олган ҳолда "Вишеград гуруҳи" давлатлари билан ўзаро манфаатли ва самарали алоқаларни кенгайтириш тарафдори эканлигини билдирган.
Учрашув иштирокчилари мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш ва чуқур ўзгаришлар олиб бориш, хорижий шериклар билан, аввало Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, кўп йиллик Афғонистон муаммоси нуқтаи назаридан минтақада хавфсизликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган сиёсий кун тартибнинг асосий қисмлари билан таништирилган.
Форумда делегациялар томонидан минтақалараро ҳамкорликнинг янги формати умумий шаклда қўллаб-қувватланди.
Шу куннинг ўзида вазирлар форумида иштирок этган делегациялар раҳбарлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбан томонидан қабул қилинди.