ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан собиқ бош прокурор Рашид Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
"23 февраль куни Р.Х.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", — дейилади Бош прокуратура пресс-релизида.
Аввалроқ хорижий ОАВларда Рашид Қодиров қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган, маҳаллий интернет нашрларда Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими ходими Қодировга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида тарқалган хабарларни расман инкор қилганди.
Республика бош прокурори лавозимида 2000 йил апрелидан фаолият юритиб 15 йил ишлаган Рашиджон Қодиров 2015 йилнинг апрелида ишдан бўшатилган. У 2015 йил майидан Республика Конституцион суди аъзосига айланган, аммо 2017 йилнинг августидан суд аъзолари таркибидан унинг номи ўчирилган.