ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати 2018 йил 13 январь куни уч нафар номаълум шахслар Муқимий кўчасида тўхтаб турган "PREMIUM COMMUNICATIONS" МЧЖга тегишли "Ласетти" русумли автомашинага ҳужум қилганликлари ҳақида хабар қилди.
Таъкидланишича, босқинчилар автомашина ичида бўлган фуқаролар — С.Шоюнусов ва Я.Яҳёевларнинг турли жойларига уриб тан жароҳати етказиб, пичоқ ва пневматик пистолет билан қўрқитишган.
Босқинчилар Шоюнусовни электрошокер билан уриб, фалаж ҳолатга келтиришган, унга тегишли 15 млн. сўм ҳамда Я.Яҳёевга тегишли 8 млн. сўм пулларни олиб, воқеа жойидан яширинишган.
Кўрилган чоралар натижасида, ушбу жиноятни Олмазор туманида яшовчи, муқаддам судланган, 1984 йилда туғилган У.Самадов содир этганлиги аниқланган ва у қўлга олинган. Босқинчининг шерикларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган.