ТОШКЕНТ, 21 фев – Sputnik. Россиялик фигурали учувчи қизлар бугун Пхенчханда 10 дақиқа ичида жаҳон рекордини икки маротаба янгилашди.
“Қисқа дастур” деб номланган мусобақада дастлаб Евгения Медведева 81,61 балл билан жаҳон рекордини янгилади. Шу ўринда айтиш жойизки олдинги жаҳон рекорди ҳам Медведева томонидан 11 феврал куни ушбу Олимпиаданинг жамоа мусобақаларида ўрнатилган эди.
Янги жаҳон рекорди ўрнатилганидан бир неча дақиқа сўнг муз устига чиққан 15-ёшли спортчи Алина Загитова ҳам ўзининг “Қисқа дастурини” аъло аражада ижро этди. “Қора лайлак” композициясини ижро этган Загитовага ҳайъат аъзолари 82,92 балл беришди.
“Жаҳон рекордидан жуда хурсандман. Менинг дастурим энг мураккаб эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Агар уни яхши ижро этсам яхши балл олишим аниқ эди. Бугун бунинг уддасидан чиқдим. Медведева билан рақобат ҳақида, шуни айтмоқчиманки — Биз биринчи навбатда дўстлармиз”, — деди Загитова журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, бир неча куно лдин фигурали учиш бўйича жамоалар беллашувида Медведева ва Загитовалар кумуш медал совриндори бўлишган эди.
Қишги Олимпиада ўйинларида фигурали учиш бўйича якуний мусобақа – “Ихтиёрий дастур” 23 феврал куни бўлиб ўтади.