ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун велопатронаж хизматини йўлга қўйди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Хабар қилинишича, тиббиёт муассасаларига туман ҳокимлиги томонидан 22 велосипед тақдим этилди.
Бундан мақсад, ҳудуддаги патронаж ҳамширалар иши самарадорлигини ошириш ва узоғини яқин қилишдир.
Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасидаги 81 патронаж ҳамшираси 104 минг 248 нафар аҳолига хизмат кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил октябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг стационар муассасалар билан ҳамкорлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаганди.