ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. ЮНИСЕФнинг Минтақавий маслаҳатчиси Аарон Гринберг бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига ташриф буюрди, мулоқот давомида болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди, деб хабар қилди ИИВ матбуот-хизмати.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида стенография, видеокузатув, шунингдек аудио ва видео қайд этиш тизими билан жиҳозланган сўроқ ўтказиш учун махсус мажмуанинг ташкил этилгани болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида жиддий қадам бўлди, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ушбу мажмуа учта махсус хонадан таркиб топган.
Зўравонликдан жабрланган ёки жиноят гувоҳи бўлган бола ҳуқуқларини дастлабки тергов жараёнида ҳимоя қилиш лойиҳа ҳамкорларининг асосий мақсади эди. Болалар хонаси кўринишида ўйинчоқлар, китоблар, ёрқин суратлар билан жиҳозланган махсус сўроқ ўтказиш хонасининг интерьери вояга етмаганларнинг тергов жараёнида ваҳима, қўрқув, саросимага тушмаслиги, ўзини хотиржам ҳис қилишига ёрдам беради. Бола илгари бошидан кечирган даҳшатни, қўрқувни яна бир бор ҳис этмайди, бу эса жуда муҳим.
Таъкидланишича, Гринберг суҳбат чоғида мазкур янгилик халқаро стандартларга тўла мос келиши, бола руҳияти ва саломатлигини ҳимоялашни ишончли кафолатлашига ишонч билдирган.
Ишчан муҳитда ўтган мулоқот давомида болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик доирасида терговчиларни вояга етмаганлар билан ишлашга ўргатиш ва махсус тайёрлаш, шунингдек келгусида мамлакат ҳудудларида шу каби хоналарни ташкил этиш таклиф этилди.