ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш ва Адлия вазирликлари республикада электрон тижоратни ривожлантириш бўйича таклифларни йиғишмоқда, деб хабар қилди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.
Сўровнинг натижалари "Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни тубдан такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда қўлланади.
Сўров 16 феврал кунига қадар давом этади. Унда барча фуқаролар ўз таклифларини юборишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 22 январда Ўзбекистон президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инноватсион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиши белгиланган.