ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. 22 мартдан бошлаб Тошкент — Балиқчи — Тошкент йўналиши бўйича йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда "Кыргыз темир жолу" компанияси матбуот хизматига таяниб Sputnik Қирғизистон хабар берди.
"Ўзбекистон темир йўллари"га қарашли 455/456-рақамли йўловчи поезди таркиби ҳафтада бир марта қатнайди. Поезд Тошкентдан Балиқчига шанба кунлари йўлга чиқади", — дейилади хабарда.
Поезд Ўзбекистон пойтахтидан 22 март куни йўлга чиқади, эртаси куни Балиқчида бўлади ва 24 март куни Тошкентга қайтади.
Поезд таркиби еттита купе, учта плацкарт вагони ва вагон-ресторандан иборат бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Соронбай Жээнбековнинг Тошкентга яқинда қилган ташрифи давомида икки давлат ўртасида темир йўл қатновини йўлга қўйиш борасида келишиб олинган эди.