ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Бухоро вилоятининг Когон туманида “Матиз” автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида икки киши қурбон бўлди, деб хабар қилмоқда Тергов департаменти.
“2018 йил 02 февраль куни соат тахминан 22:30да Бухоро вилояти, Когон туманида жойлашган “ZELIC OIL GAZ” МЧЖга тегишли автомобилларга газ қўйиш шохобчаси олдида “Матиз” русумли автомашинанинг газ баллони портлаши натижасида автомашинада бўлган 2 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олиб вафот этган”, — дейилган хабарда.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 259 моддасининг 2 қисми бўйича — ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажаралиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши оқибатида одам қурбон бўлишига олиб келиши, жиноят иши қўзғатилган.
Хабарда айтилишига кўра, “Матиз” автомобилига метан газ баллони ўрнатилган бўлган.
Маълумот учун, метан газ баллонида газ босими ўта юқори- 200-250 атмосфера бўлади, (пропан газ баллонида 10-16 атмосфера) шунинг учун баллонга юқори хавфсизлик талаблари қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йилнинг 1 февралидан бошлаб II, III, ва IV маркали, композит газ баллонларидан фойдаланиш таъқиқланган. Фақат I турдаги, тўлиқ металлдан ясалган баллонлардан фойдаланиш мумкин.