ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежининг биринчи босқич ўқувчиси Оғабек Абдуллаев онаси ва ўгай укасининг қотилига айланди, деб хабар қилди "Халқ сўзи" нашри.
Хабарда айтилишича, Оғабек 2018 йилнинг 31 январь куни онаси Гулнора Тўраева билан жанжаллашиб, ғишт бўлаги билан унинг бош қисмига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказади ва аёллар рўмоли билан бўғиб ўлдиради.
Хабарга кўра, ушбу жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қўшнилар томонидан хабар қилинган.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра жиноятга алоқадор томонларнинг шахсига оид маълумотлар аниқланди. Маълум бўлишича, Гулнора Тўраева икки марта никоҳсиз тушмуш қуриб, ҳар турмушидан бир нафардан фарзандли бўлган. Илгари судланган. Тайинли бир иш билан шуғулланмай, енгил-елпи ҳаёт кечиришга одатланган. Носоғлом муҳит шаклланган оилада тарбияланган Оғабек ҳам 2017 йилнинг март ойида ўғирлик жинояти содир этиб судланган. Ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.