ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Фуқаролар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкентда "махсус патруль" гуруҳлари ташкил этилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, махсус гуруҳлар замонавий кийим-кечак, махсус анжом ва техника воситалар билан таъминланди.
"Махсус патруль" гуруҳлари томонидан пойтахт фуқаролари ҳамда чет элдан келган меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, "Тошкент вокзали", "И.Каримов Халқаро Аэропорти" ва "Мустақиллик майдони" объектларида хизмат олиб боришлари йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, замонавий уяли телефон воситасига юкланган "Транслейтер" дастурий тизими ёрдамида, меҳмонлар билан чет тилларда овозли таржима орқали мулоқот қилиш ҳамда "Навигатор" дастурий тизимидан фойдаланган ҳолда Тошкент шаҳрининг турли манзиллари ва жойлари юзасидан электрон харита орқали маълумотлар тақдим этиб ёрдам кўрсатиш имкониятлари яратилди.