ТОШКЕНТ, 2 фев – Sputnik. Бугун Фейсбук ижтимоий тармоғида Дима Қаюм номи билан танилган, Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи Дилшод Болтабоев асос солган Халқ кутубхонаси биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев ҳам иштирок этди.
"Истардимки, бундай Халқ кутубхоналари бутун Ўзбекистонда бўлса!", деб ёзади у.
Дилшод Болтабоев шунингдек, кутубхона расман очилганидан сўнг китобсеварлар олган китоблар рўйхатини ҳам эълон қилди.
Ушбу рўйхатдан "Дунёнинг ишлари", "Тафсири Ҳилол", "Қизимни тарбиялайман", "Намоз ўқиш қоидалари", "Хислатли ҳикматлар шарҳи" каби китоблар жой олган.
Эслатиб ўтамиз, Дима Қаюм "Кутубхона ташкил қилиш ғояси қандай туғилди", деган саволга "Ёшлигимдан китобсеварман. Аввалига ўзимда бор 50-60та китобларни махсус жавонларга тахлаб, адабиётга қизиқадиганларга ўқишга беришни йўлга қўйдим. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ орқали хабар қилганимда, менга олис вилоятлардан китоб бериб юборувчилар сони ортиб кетди. Улар орасида халқ шоирлари ҳам бор. Ҳозирда мингга яқин китоблар жамғарилди", деб жавоб берганди.